Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 1 миллион 951 минг нафар юртдошимиз сафарбар этилган

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 1 миллион 951 минг нафар юртдошимиз сафарбар этилган

“Янги авлодга хотира мактуби” марафони, урушга сафарбар қилинган ўзбекистонликлар ҳақида янги фактлар, байрам салюти ва мушакбозлиги, уруш фахрийларининг сони — булар ҳақида Мудофа вазирлигининг навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Жорий йилнинг 9-май куни Тошкент шаҳрида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган “Янги авлодга хотира мактуби” шиори остида 5 километр масофага югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.

Югуриш мусобақаси пойтахтимизнинг “Биродарлик қабристони” ёдгорлик мажмуаси ва “Бунёдкор” стадиони ҳудудлари оралиғида ўтказилади. Унда 2000 нафар иштирокчини қамраб олиш ражалаштирилган.

Мазкур санага бағишланган югуриш мусобақаси ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига ма’лумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Мудофаа вазирлигининг навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-маёр Хамдам Каршиев, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи полковник Улуғбек Мамадалиев, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ҳамда Республика Маънавият ва ма’рифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Боту Алимов спикер сифатида иштирок этиб, республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига байрам югуришини ташкиллаштириш масалалари ва асосий ғояси ҳақида маълумот беришди.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 1 миллион 951 минг нафар юртдошимиз сафарбар этилган
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг қонли уруш бўлган. Унда 70 миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлган, шундан 27 миллиони жанг майдонларида жон берган. Ўзбекистон ушбу ғалабага салмоқли ҳисса қўшган – 6,5 миллион аҳолига эга республикамиздан 1 миллион 951 мингдан ортиқ инсон фронтга жўнатилган, улардан 538 минг нафари ҳалок бўлган.

Уруш даврида Ўзбекистон муҳим фронт орти марказига айланган. Бу ерда 280 та янги корхона барпо этилган, ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, республикамиз эса 1,5 миллиондан ортиқ эвакуация қилинганларни, жумладан, 250 минг етим болани бағрига олган.

Югуриш мусобақаси уруш қаҳрамонларига, уларнинг жасорати, мардлиги ва фидойилигига ҳурмат рамзи сифатида ташкил этилиб, иштирокчиларнинг ҳар бир қадами ўз ҳаёти эвазига авлодлар келажагини ҳимоя қилганларга бағишланади.

Бу мусобақа – шунчаки спорт тадбири эмас. Ҳар бир иштирокчи гўё фронтдан мактуб олиб келаётган “Хотира элчиси”га айланади. Бу югуриш – ўз ҳаёти эвазига келажакни ҳимоя қилганларнинг жасоратини улуғлаш, бугунги тинчликнинг қадрига етиш, янги авлодга тарихни эслатиш йўлидир.

Матбуот анжуманида очиқланганидек, махсус тарзда қайта кўриб чиқилган ҳарбий қайд варақалари асосида аниқланишича, Ўзбекистон заминидан фронтга 1 миллион 951 минг нафар юртдошимиз сафарбар этилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фахрий 82 нафарни ташкил қилади. Уларнинг энг улуғи 114 ёшни қаршилаган.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 1 миллион 951 минг нафар юртдошимиз сафарбар этилган
Шунингдек, матбуот анжуманида спикерлар томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига тўлақонли жавоблар берилди. Хусусан, тадбир дастури, унда иштирок этиш талаблари ва шартлари, шароитлар, махсус кийим, югуриш йўли бўйлаб ўрнатиладиган бадиий кўргазмалар, тантанали мусиқий дастурлар, шу билан бирга, биродарлик қабрлари ёнида Хотира деворининг ўрнатилиши каби жараёнлар ҳақида батафсил ма’лумотлар берилди.

Маълумот учун, мусобақадан ташқари Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда “Янги Ўзбекистон” боғида 9-май куни соат 21.00 да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти ва мушакбозлигини ташкил қилади.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.