Қайд этилишича, қиш мавсумида дарахтларни рақамли рўйхатга олиш имкониятлари муайян даражада чекланади. Бу даврда дарахт турларини аниқлаш қийинлашади, шунингдек уларнинг ҳолати ва соғлиғи ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш имкони бўлмайди. “Дарахтлар реестри” лойиҳаси доирасида халқаро жамоат фонди “Zamin”, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимияти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Лойиҳа доирасида профессионал дендрологлар томонидан тасдиқланган маълумотлар асосида сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтга қадар сунъий интеллектни ўқитиш учун 257 мингта дарахт ҳақидаги маълумотлар ҳамда 2 миллионга яқин фотосуратлар махсус танламага киритилган.
Мутахассислар таъкидлашича, сунъий интеллектдан фойдаланиш катта яшил ҳудудларни инвентаризация қилиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштиради. Маълумотлар ҳажми ортиши билан тизим дарахтларнинг тури, насаби, ўлчамлари ва бошқа муҳим хусусиятларини аниқлашда янада самарали ишлайди.
Бу эса Тошкент шаҳрининг яшил фонди бўйича аниқ рақамли харитани шакллантириш, шунингдек экологик назорат ва бошқарув самарадорлигини ошириш учун мустаҳкам асос яратиши қайд этилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.