Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 декабрь куни Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва муносиб яшаш шароитларини яратиш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Аввало, пойтахтда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Сўнгги йилларда шаҳарда улкан ўзгаришлар рўй бергани таъкидланди.
Ўтган тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга тушди. Жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 2017 йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларга ошди.
Бунёдкорлик ишлари, янги қурилган савдо-сервис ва кўнгилочар объектлар “тунги иқтисодиёт”ни ривожлантирди. Туну кун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг сони 3 мингдан ошди.
Тошкентга 1 мингта замонавий электробус ва автобус олиб келиниб, 168 та янги йўналиш очилди. Қўшимча 33 километр метро линияси ва 21 та янги станция қурилди. Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусободдаги 1 миллионга яқин аҳолига метро хизматлари яқинлашди.
Умуман, пойтахт иқтисодиёти охирги тўққиз йилда 2,5 баробар ўсиб, жорий йил 27 миллиард долларга етади. Аҳоли жон бошига даромад эса 4,4 минг доллардан 8,6 минг долларга кўпайди.
Натижада камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизга, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизга пасаяди. Яъни Тошкент шаҳрида камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушади.
Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда. Шунингдек, ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 миллиард долларга етказиш, жон бошига даромадни қарийб 2 карра ошириш режа қилинган.
Ушбу марраларга эришиш учун шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 12 та туман ҳокими тинимсиз изланиши, шаҳар уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим ва тиббиёт, сервис инфратузилмаларини дунёнинг замонавий мегаполислари андозаси асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, шундай мегаполисларда раҳбар бўлган мутахассисларни ҳокимга маслаҳатчи қилиб олиб келиш бўйича таклиф маъқулланди. Уларнинг кўп йиллик тажрибасидан фойдаланиб, Тошкент шаҳрини молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш кераклиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ҳали ечимини кутаётган масалалар кўплигини қайд этиб, янги ташаббусларни илгари сурди.
– 2026 йил Тошкент шаҳри учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили бўлади. Бу ғояни рўёбга чиқариш бўйича катта дастур амалга оширилади, – деди Президентимиз.
Пойтахт туманлари 3 та йўналишда ривожлантирилиб, 2026 йилда 9 миллиард доллар, икки йилда 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш мақсади белгиланди.
Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт, Бектемирда юқори технологик саноат ва логистика соҳалари “ўсиш нуқтаси” бўлади. Жумладан, келаси йили Сергелида майдони 120 минг квадрат метр бўлган 70 миллион долларлик замонавий агрологистика ва омборхона ишга туширилади.
Янгиҳаётдаги “Янги авлод” саноат зонасида электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик ва озиқ-овқат соҳасида 2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу саноат зонаси Янгиҳаёт ва Бектемирдаги 640 гектар ер ҳисобидан кенгайтирилади. Бунинг ҳисобига умумий қиймати 3 миллиард долларлик экология талабларига мос ва юқори технологик янги лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Учтепа, Чилонзор, Яккасарой, Шайхонтоҳур ва Олмазорда хизматлар, креатив иқтисодиёт, дизайн ва туризм асосий инвестиция йўналишларига айланади.
Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ва Яшнободда эса сунъий интеллект, стартап, финтех, молия, тиббиёт ва таълим соҳасида 1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
Жорий йилда шаҳардаги 26 та кўча туну кун ишлайдиган кўчаларга айлантирилди. Бу кўчаларда 1 минг 200 та савдо-сервис объектини жойлаштириш ҳисобига 5 минг аҳоли даромадли бўлди. Келгуси йилда яна 18 та шундай кўча ташкил қилиш вазифаси қўйилди.
Бугунги кунда пойтахтда 75 та мактаб ва шунча боғча, 23 та спорт объектларига эҳтиёж бор.
Туман ҳокимлари ўзлари маблағ жалб қилиб, ҳар йили 1 тадан мактаб, боғча ва спорт объектини қуриши, қолган 15 тадан мактаб ва боғча ҳамда 11 та спорт объекти инвестиция дастури доирасида қуриб берилиши белгиланди.
Шу йилдан Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан мактабда таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси” бошланди. Яъни 7-11-синфдаги 1,5 минг ўқувчи сараланиб, уларни АT, тиббиёт, бизнес, муҳандислик каби йўналишларда ўқитиш йўлга қўйилди. Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришига қараб, ўқитувчиларига 20 миллион сўмгача ойлик маош тўланяпти.
Бу тажрибани кенгайтириб, бундай мактаблар сонини келаси йили 24 тага, 2027 йилда эса 33 тага етказиш вазифаси қўйилди.
Энди йирик мегаполислар каби пойтахтимизда ҳам транспорт тизимини ягона ёндашув асосида бошқарадиган марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бу марказ ҳар бир кўча, ҳар бир чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тирбандлик ва йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан шуғулланади.
Келаси йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобиль учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.
Асосийси, бу нуқталарга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар автомобилини шу ерда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Шаҳар ҳокимлигига келгуси йилда ягона бошқарув тизимига эга светофорлар билан жиҳозланган 100 та “ақлли” чорраҳани йўлга қўйиш, тадбиркорлар билан 30 мингта автомобиль тўхташ жойи қуриб, 300 та бекатни реконструкция қилиш, 40 километр пиёда ва 20 километр велойўлаклар қуриш, 100 километр йўлни таъмирлаб, Юнусобод ва Яшнободда йўл ўтказгич ва тоннель барпо этиш топширилди. Келгуси йилда 200 та электробус олиб келиш вазифаси қўйилди.
Дунёнинг йирик шаҳарлари каби пойтахтимизда ҳам экология масаласининг долзарблиги ошмоқда.
Пойтахтнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш лойиҳаларини тайёрлаб, ишларни бошлаш топширилди. 1 июнгача ҳар бир туманда 5 километрли 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилади. Ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланади.
Шунингдек, Бектемир, Сергели ва Янгиҳаётдан ўтган Чирчиқ дарёсининг 16 километр қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 800 гектар очилади. Бу ерларда ҳам 200 гектарда “яшил белбоғ”, 250 гектарда ички йўллар, сайилгоҳлар, пиёда ва велойўлаклар қурилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, келгуси йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди. Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган.
Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо қилинади. Бу сувлар дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.
Пойтахтнинг барча коммунал ташкилотлари ва фавқулодда хизматлар туну кун ишлашга ўтиб, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва тезлик билан бартараф этиш билан шуғулланиши, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
– Пойтахт – давлатнинг сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Пойтахтни бошқариш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ўзига хос ёндашувлар бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий бюджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманларга тақсимлаш ваколатини бериш, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимларига маҳаллий кенгашлар билан келишган ҳолда бўш маблағларни депозитга қўйишга рухсат этиш таклиф қилинди.
Тошкент шаҳри фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгиловчи “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш вақти келгани таъкидланди.
“Маҳалла еттилиги”нинг самарасини оширишда пойтахт етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди.
2026 йилдан Тошкент шаҳрида янги тизим жорий қилинади – “маҳалла еттилиги” тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтади.
– “Еттилик” ҳисоботлар билан эмас, балки одамларнинг оғирини енгил қилиш билан шуғулланиши зарур, – деди Президентимиз.
Йиғилиш давомида пойтахт ва унинг туманлари ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди, тадбиркорлар билан мулоқот қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.