Президентнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон фуқаролари 40 дан зиёд давлатда қонуний ишлаб, солиқлар билан бир қаторда пенсия бадалларини ҳам тўлаяпти. Бироқ улар ватанга қайтганидан кейин хорижда орттирган стажи тан олинишини таъминлаш зарур.
«Уларнинг хориждаги иш стажи ватанга қайтганидан кейин ҳисобга ўтиши, айниқса, пенсия тайинлашда бу албатта инобатга олиниши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари 2026 йилда Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия билан иш стажи ва пенсия ҳуқуқини тан олиш бўйича икки томонлама битимлар имзоланганини қайд этди.
Шу билан бирга, ўзбекистонликлар кўп ишлаётган Россия, Германия, Япония, Корея, Болтиқбўйи ва Болқон давлатлари билан ҳам шундай келишувларга эришиш вазифаси турибди.
Масъулларга хорижлик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказиб, 2026 йил якунигача эришилган аниқ натижалар юзасидан ахборот бериш топширилди.
23 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасидаги музокаралар чоғида томонлар пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади.
Пенсия жамғармаси тушунтиришича, ҳужжат пенсия ҳуқуқини аниқлашда икки мамлакатда орттирилган иш стажини ҳисобга олишни назарда тутади. Агар бир мамлакатдаги стаж пенсия тайинлаш учун етарли бўлмаса, иккинчи мамлакатда орттирилган стаж ҳам инобатга олиниши мумкин.
Бундан ташқари, фуқаролар бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтганда ҳам тайинланган пенсия ҳуқуқи сақланиб қолади. Икки давлатнинг ваколатли органлари тўғридан-тўғри ахборот ва ҳужжат алмашади.
Бунда ҳар бир давлат ўз ҳудудида орттирилган иш стажидан келиб чиқиб, пенсиянинг тегишли қисмини мустақил ҳисоблаши ва тўлаши керак. Келишув зарур ташкилий-техник тартиб-таомиллар якунланганидан кейин кучга киради.
Яна бир келишув 29 октябрь куни Анқарада Ўзбекистон ва Туркия президентлари учрашуви чоғида имзоланди. Томонлар ижтимоий таъминот тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича маъмурий келишувни тузди. Президент матбуот хизмати маълум қилишича, ҳужжатлар, жумладан, икки мамлакат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, хорижда ишланган даврларни меҳнат стажига қўшиш учун тегишли суғурта бадаллари ёки ижтимоий солиқ тўланиши керак. Хусусан, 2020 йил 1 январдан кейинги иш даврлари учун ижтимоий солиқ тўлаш талаб этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига кўра, меҳнат шартномаси асосида хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ижтимоий солиқни ҳар ойда, ҳар чоракда ёки мамлакатга қайтганидан кейин уч йил давомида бир йўла ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.
2020 йилдан кейинги иш даврлари учун ўтган йиллар бўйича солиқни бир йўла тўлашда ҳар бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов белгиланган. Бундан олдинги даврлар учун эса бошқа миқдорлар ва тўлов шартлари назарда тутилган.
Қонунчиликда белгиланган талаблар бажарилганда, тегишли даврлар пенсия тайинлашда меҳнат стажига қўшилади.
2026 йил август ойида Пенсия жамғармаси чет элда ишлаётган фуқароларга ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаш пенсия ҳуқуқини шакллантиришда тегишли иш даврларини ҳисобга олиш имконини беришини яна бир бор эслатди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.