«Ҳозирги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши, афсуски, дунёдаги вазиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолмоқда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг бузғунчи таъсирларнинг янгича шаклларига нисбатан барқарорлиги масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда», — деди давлат раҳбари.
«Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, кибермакон анъанавий усуллар билан бирга тармоқ орқали ҳужумлар уюштирилаётган, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланди», — деди президент.
У террорчилик ташкилотлари томонидан рақамли муҳитдан фойдаланилаётганидан хавотир билдирди: «Интернет-платформалар радикал мафкура тарғиботи, янги тарафдорларни ёлплаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш ва давлат чегараларини тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланди».
Бундай шароитда аҳолининг энг заиф тоифаси бўлиб ёшлар қолмоқда. «Деструктив кучлар мақсадли равишда ёшларнинг онгига таъсир ўтказмоқда, уларни ўз жамоаларига жалб қилмоқда, ижтимоий қарама-қаршиликлардан фойдаланмоқда ва муросасизлик ғояларини тарқатмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, бундай жараёнлар миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка путур етказиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириши мумкин. «Шу сабабли, нафақат юзага келаётган ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш, балки олдиндан ҳаракат қилиш — хавф-хатарларни аниқлаш, ахборот алмашиш, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш жуда муҳимдир».
«Ишончимиз комил, ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди. Бу эса, табиий равишда, халқаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва биргаликда иш олиб боришнинг амалий механизмларига бўлган талабни кучайтиради», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчилар ва ташкилотнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари махсус хизматлари раҳбарлари ва вакилларига мурожаат қилар экан, Шавкат Мирзиёев шундай деди: «Айнан махсус хизматларнинг баҳамжиҳат ишига ШҲТнинг янги чақириқларга ўз вақтида жавоб бериш ва янада барқарор дунёни шакллантиришда самарали иштирок этиш салоҳияти кўп жиҳатдан боғлиқ».
Мавжуд бўлган 25 йил давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти «халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланди». Ўзбекистон ШҲТ ҳаммуассиси сифатида «барқарорлик ва инклюзив ривожланишни сақлаш мақсадида иштирокчи мамлакатларни бирлаштирувчи ноёб кўп томонлама платформа сифатида унинг ролини кучайтириш ва фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади», деди президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.