Тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Иордания подшоҳи Абдулла II, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг вакиллари ҳамда бошқа хорижлик меҳмонлар ҳам қатнашди.

Давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, айниқса, ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги шароитда Ақаба жараёнининг аҳамиятини юксак баҳолади.
Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши инсоният учун улкан имкониятлар яратиш билан бирга янги таҳдидларни ҳам юзага келтираётгани қайд этилди. Шу боис, сифатли таълим ва инсон салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратиш хавфсизликнинг муҳим пойдевори экани таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари маърифат ва илмга интилишдек гуманистик анъаналарни замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштириш мақсадида «Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт» ташаббусини илгари сурди. Унинг асосий вазифаси сунъий интеллект салоҳиятини билимларни кенг тарқатиш, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ва шахс камолоти учун янги имкониятлар яратишга йўналтиришдан иборат.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича глобал мулоқоти қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди. Унинг асосий вазифалари кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни ахборот муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш, ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.
Ўзбекистон раҳбари сўзининг якунида сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологик тараққиётга, балки ундан қандай мақсадларда фойдаланишга ҳам боғлиқ эканини таъкидлади. Шу боис, янги технологияларни таҳдидлар манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлашнинг қудратли воситасига айлантириш умумий интилиш бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Ақаба жараёни (Aqaba Process) — 2015 йилда Иордания қироли Абдулла II томонидан илгари сурилган ҳамда глобал ва минтақавий даражада терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашни мувофиқлаштиришга қаратилган халқаро мулоқот платформасидир. У доимий штаб-квартира ёки уставга эга расмий ташкилот эмас, балки тезкор ва стратегик масалаларни муҳокама қилишга мўлжалланган норасмий хавфсизлик ташаббуси ҳисобланади.
Ташаббус доирасида турли мамлакатларнинг мудофаа ва хавфсизлик идоралари, разведка хизматлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида мунтазам равишда саммитлар ва экспертлар учрашувлари ўтказиб келинади. Унинг асосий мақсади — турли минтақалар ўртасида ахборот ва тажриба алмашиш ҳамда радикаллашув хавфларига қарши биргаликда чора кўришдан иборат.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.