«Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқ нормалари ва инсонпарварлик қадриятларига мувофиқ халқаро ташкилотлар ҳамда бошқа давлатлар билан ишончли ва конструктив ҳамкорлик қилиш тарафдори. Биз буни барча қарорларимиз ва ҳаракатларимизнинг асосий тамойили ва пойдевори деб биламиз», — деди у.
Учрашувнинг «Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш» мавзусидан келиб чиққан ҳолда, ДХХ раҳбари шу йўналишда Ўзбекистон илгари сураётган ташаббусларни санаб ўтди.
Унинг маълум қилишича, 2026 йилда Ўзбекистонда экстремистик ва террористик хусусиятга эга 49 мингдан ортиқ интернет ресурс аниқланган. Бу 2025 йилдаги кўрсаткичдан 14 фоизга кўп бўлиб, ўша йилда қарийб 43 мингта шундай ресурс қайд этилган. «Бундай тенденция радикал ғояларни тарғиб қилишда глобал тармоқдан фойдаланиш кўлами ортиб бораётганини яққол кўрсатади», — деди ДХХ раиси.
ДХХ раҳбари 2021−2026 йилларга мўлжалланган Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш миллий стратегиясини амалга ошириш доирасида идоралараро ва халқаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилганини таъкидлади. 2026 йилги Глобал терроризм индексида Ўзбекистон 96-ўринни эгаллаган (минимал хавф тоифаси).
«Унинг олдини фақат қонунга хилоф контентни блоклаш ва ўчириш орқали олиб бўлмайди. Комплекс чора-тадбирларнинг муҳим таркибий қисми аҳолининг ҳуқуқий, маънавий ва рақамли маданиятини ошириш, танқидий фикрлаш ва муросасизлик ғояларига қарши иммунитетни шакллантиришдан иборат бўлиши керак», — деди у.
Вояга етмаганларни деструктив ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. ДХХ раҳбари ёшлар ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари билан манзилли ишлаш алоҳида аҳамиятга эга эканини айтди.
У Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шафелигида онлайн радикаллашувнинг олдини олиш бўйича илғор тажрибалар алмашинувининг махсус механизмини яратиш таклифини илгари сурди.
«Бундай механизм самарали миллий ёндашувларни тизимлаштириш, ёшлар ва заиф гуруҳлар билан рақамли профилактика соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, давлатлар, академик доиралар, фуқаролик жамияти ва технологик компаниялар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш имконини берган бўларди», — деди Баҳодир Қурбонов.
У медиасаводхонликни ривожлантириш ва ёшларнинг деструктив таъсирга чидамлилигини оширишга қаратилган рақамли таълим дастурларини ишлаб чиқишни ҳам таклиф қилди. ДХХ раиси бундай платформалар давлатлар ва халқларнинг тил ҳамда маданий хусусиятларига мослаштирилиши муҳимлигини таъкидлади.
Йирик технологик компаниялар, жумладан, сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи компаниялар террорчилик ва экстремистик контентни аниқлаш, унинг тарқалишининг олдини олиш ҳамда қонунга хилоф фаолиятнинг мувофиқлаштирилган тармоқларини аниқлаш учун катта имкониятларга эга. Бироқ миллий қонунчиликдаги фарқлар, сўровларни юборишнинг ягона тартиблари мавжуд эмаслиги ва уларга жавоб беришнинг етарлича тезкор эмаслиги муаммо бўлиб қолмоқда, деди Баҳодир Қурбонов.
Унинг айтишича, Ўзбекистон бу соҳада халқаро давлат-хусусий шерикликни изчил ривожтирмоқда.
Август ойида Тошкентда БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, Интерпол ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси кўмагида янги технологиялардан террорчилик мақсадларида фойдаланишга қарши курашда давлат идоралари ва хусусий сектор ҳамкорлиги масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди. Радикализмнинг рақамли ва мафкуравий илдизларини бартараф этиш ҳамда бағрикенгликни мустаҳкамлаш мақсадида бошқа давлатлардаги нуфузли марказлар билан алоқалар ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ДХХ раиси БМТ кўмагида миллий ваколатли органлар ва етакчи рақамли платформалар маъмуриятлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу террорчилик контентини тармоқда мониторинг қилиш, блоклаш ва ўчириш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этиш, шунингдек, қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар далилларини олиш имконини беради.
«Генератив технологиялар террорчилик тузилмаларининг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириб, радикал тарғибот ва ахборот-психологик таъсирни автоматлаштириш имконини бермоқда. Яқин вақтларгача тасаввур қилиш қийин бўлган сунъий интеллектдан киберҳужумлар содир этиш, шунингдек, уни учувчисиз ва бошқа автоном технологиялар билан бирлаштириб, террорчилик актларини амалга ошириш хавфлари реалликка айланди», — деди Баҳодир Қурбонов.
Шу билан бирга, сунъий интеллект бундай таҳдидларга қарши курашишда кучли восита бўлиши мумкин. У мувофиқлаштирилган ахборот кампанияларини аниқлаш, ахборотни манипуляция қилиш белгиларига дуч келиш ҳолатларини аниқлаш ва таҳлилий бўлинмалар фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Февраль ойида БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси зўравон экстремизмнинг олдини олиш учун сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича қўлланма эълон қилди.
«Ўзбекистон хавфсизлик манфаатларида нейротармоқлардан фойдаланиш аниқ ҳуқуқий ва ахлоқий кафолатлар билан таъминланиши керак, деган ёндашувни қўллаб-қувватлайди. Шу муносабат билан кибертерроризмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қиламиз. Синтетик контентни аниқлашнинг синовдан ўтган воситалари, янги таҳдидлар ҳақидаги маълумотлар, ҳимоя тизимларини синаш методикалари ва хавфсизлик органлари ходимларини тайёрлаш дастурлари алмашинувини таъминлайдиган халқаро технологик ҳамкорлик платформасини яратишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — деди Баҳодир Қурбонов.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.