19 июнь куни Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Афғонистон ТИВ хабар қилди.
Афғонистон ТИВ матбуот котиби ўринбосари Ҳофиз Зийи Аҳмаднинг маълум қилишича, Ўзбекистон делегацияси таркибида Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев ҳам бор.
«Ўзбекистонга афғонлар билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдираман», — деди у.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов июль ойи охирида Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилган эди. «У ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият ҳалигача кескин ҳолда туриб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда», — деган эди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.