Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири депутат этиб сайланди

Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири депутат этиб сайланди

Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгесидаги бўш қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда республика парламенти матбуот хизмати.

Унинг номзоди 4 август куни Чинбой туманидаги 56-Бердақ сайлов округидан рўйхатга олинган. Рўйхатдан ўтишда у ҳеч қандай партия аъзоси сифатида белгиланмаган, бироқ сайловдан кейин Аманбай Оринбаев Экологик партия аъзоси сифатида қайд этилган.

Аманбай Оринбаев март ойида Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигига раҳбар этиб тайинланган эди, бироқ июль ойи бошида республикада рўй берган тартибсизликлардан сўнг у лавозимидан озод этилган эди. У бунгача уч ойдан сал кўпроқ вақт давомида Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси Пробация хизматини бошқарган.

«Газета.uz»да реклама

Бундан ташқари, у Ўзбекистон ИИВ Жамоат тартибини муҳофаза қилиш хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари, Нукус шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимларида ҳам ишлаган.

Шунингдек, «Адолат» партиясидан Қорақалпоғистон Рус маданият маркази раҳбари Галина Александровна Зоркина, ЎзХДПдан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Рустам Турсинбаевич Сапарбаев, «Миллий тикланиш»дан нафақахўр, «Шоманай» газетаси муҳаррири Нури Калбай Тоғаевич ҳамда ЎзЛиДеПдан Қораўзак тумани «Есимозек» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Суйеубай Алиевич Ешанов ҳам Жўқорғи Кенгесига депутат этиб сайланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.