21 август, якшанба куни Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятида микроавтобус ва иккита юк машинаси тўқнашиб кетиши оқибатида 14 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлиб, 3 нафари жароҳат олгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби хабар берди.
«Қардош Қирғизистон халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради, жабрланганлар шифо топишини тилади», — дейилади хабарда.
Ульяновск вилояти Николаевский туманининг Николаевка қишлоғи яқинида «М5 — Урал» йўлида содир бўлган ЙТҲда 16 киши ҳалок бўлди, улардан 14 нафари Қирғизистон фуқароларидир. Яна уч нафар қирғизистонлик оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. ИИВ вилоят бошқармаси хабарига кўра, юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси ўз вақтида тезлигини пасайтирмаган ва микроавтобусга бориб урилган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ЙТҲ оқибатида мамлакат фуқаролари вафот этгани муносабати билан 23 августни Умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Унинг топшириғига кўра, ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанига олиб келиш бўйича махсус комиссия ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.