Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленскийни Украина Мустақиллик куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленскийни Украина Мустақиллик куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленскийни Украина Мустақиллиги куни билан табриклар экан, «дўст украин халқига тинчлик ва фаровонлик» тилади. У икки давлат ўртасидаги «анъанавий равишда дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган» муносабатлар «бундан кейин ҳам ривожланиб боришига» ишонч билдирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни Украина президенти Владимир Зеленский ва ушбу мамлакат халқини Украина миллий байрами — Мустақиллик куни билан табриклади. Табрикнома 25 август куни Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси сайтида эълон қилинди.

«Бу ойда биз икки томонлама муносабатларимиз тарихидаги муҳим сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ҳеч шубҳа йўқки, анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ўзбек-украин муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан кейин ҳам ривожланиб боради», — дейилади табрикда.

«Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, масъулиятли давлат фаолиятингизда муваффақиятлар, дўст украин халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоизки, табрик Ўзбекистон президенти матбуот хизмати сайтида эълон қилинмади. Айрим йилларда бу ҳақда бир сатр билан эълон қилинган — масалан, 2020 йил (Владимир Зеленский табрикланган) ва 2018 йилда (Пётр Порошенко).

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.