Жума куни Нукусга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида депутатлар олдида нутқ сўзлади. Унинг нутқидан иқтибосларни президент матбуот котиби Шерзод Асадов келтириб ўтди.
Давлат раҳбари мамлакатда «Инсон қадри учун» тамойили остида амалга оширилаётган ислоҳотларда Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва овули, ҳар бир хонадонига кириб боришини таъминлаш асосий мақсадлардан бири эканини таъкидлади.
«Мен президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта мана шу саховатли заминга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан кўп-кўп мулоқотлар қилдим», — деди президент.
Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилингани айтилди. Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш учун 1,5 трлн сўм маблағ ажратдик", — деди давлат раҳбари.
Бироқ, шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, аслида, 2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топмасдан ётгани кўрсатиб ўтилган. «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар „халқни рози қилиш“ деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.
Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда, дейилади президент нутқида.
Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошишига эришилгани таъкидланди. Биров, аҳоли ўртасида ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби муаммолар юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолмоқда.
Президент Қорақалпоғистонга сўнгги бор, июль бошида Нукусда кузатилган намойишлардан сўнг, 2 ва 3 июль кунлари ташриф буюрганди. Ўшанда у «сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг ишончига кириб, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди», дея таъкидлаганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.