14 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирларида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди. Уни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Дастлаб Мўғулистон президенти Ҳазрати Хизр мажмуасига келиб, биринчи президент Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари музокараларни бошлашди. Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий табриклади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Бунинг учун зарор шартномавий-ҳуқуқий асосларни шакллантириш, қўшма кооперация, энг аввало, агросаноат соҳасида аниқ лойиҳа ва дастурларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Мўғулистон 2004 йилдан бери Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги кузатувчи давлат ҳисобланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.