15 сентябрь куни Покистон Ислом Республикаси бош вазири Шаҳбоз Шариф Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Самарқанд шаҳрига келди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Уни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Покистон ҳукумати раҳбари Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шу куни Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф ўртасида учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон президенти Покистон бош вазирини ташриф билан самимий қутлаб, Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Етакчилар икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини батафсил кўриб чиқди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш, савдо учун тўсиқларни бартараф этиш, товарларни ўзаро етказиб бериш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.