27 октябрь куни МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро ассамблеяси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Сенат матбуот хизмати.
Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари парламент делегациялари, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Парламент аъзолари сайлов, референдум ва уларни кузатиш тўғрисидаги кўплаб намунавий қонунларни кўриб чиқди. Бундан ташқари, хавфсизлик, фан ва таълим, интеллектуал фаолият ва бошқа соҳаларга оид қатор намунавий ҳужжатлар кўриб чиқилмоқда.
Ҳамдўстлик давлатларининг депутатлари ва сенаторлари келгусида ўз давлатларининг миллий қонунчилигида намунавий қонунларда мавжуд бўлган ҳуқуқий нормалардан фойдаланиши мумкин бўлади. Намунавий қонун ижодкорлиги ассамблеянинг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади.
Хабарга кўра, МДҲ ПА фаолиятининг 30 йили давомида 600 дан ортиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, МДҲ мамлакатлари парламентларига тақдим этилган. Федерация Кенгаши раҳбари Валентина Матвиенко ассамблеянинг Самарқанддаги сессияси доирасидаги тадбирлар дастури кенг эканини айтди.
Танзила Нарбаева ўтган 30 йил давомида мазкур тадбир Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва муҳим қарорлар қабул қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилганини қўшимча қилди.
Кенгаш иштирокчилари МДҲ ПА ҳузуридаги Экология ва табиатдан фойдаланиш бўйича Эксперт кенгашини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ҳамда Кенгаш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Шунингдек, Кенгаши бош котиби Дмитрий Кобицкий 2023−2025 йилларга мўлжалланган МДҲда намунавий қонун ижодкорлигининг Истиқболли режаси лойиҳаси ва Парламентлараро Ассамблеянинг келгуси йил учун иш режаси ҳақида сўз юритди.
Мажлис кун тартибидаги масалалар муҳокамасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раиси Нуриддин Исмоилов, Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Сагиба Гафарова, Арманистон Миллий Мажлиси раиси Ален Симонян, Беларусь Миллий Мажлис Кенгаши раиси Наталья Кочанова, Туркманистон Миллий Генгеши Мажлиси раиси Гульшат Маммедова ҳам иштирок этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.