Жорий йилнинг 1 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган Хоразм вилоятидаги фаоллар билан учрашувида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Республика ишчи гуруҳи вакиллари Шовот туманида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Хусусан, Шовот тумани тадбиркорлари учун Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, банкларлар ҳамда сектор раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилот вакиллари иштирокида учрашув ва сайёр қабул ташкил этилди.
Икки юзга яқин тадбиркор иштирок этган ушбу учрашув чоғида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган муаммо ва таклифларни илгари суришди. Хусусан, кредит, солиқ, кадастр, қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид масалалар кўтарилди.
Бундан ташқари, туманидаги “Пўлат” маҳалласида истиқомат қилувчи ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларга қўшимча даромад манбаларини яратиш мақсадида 20 сотихдан экин ер майдонлари ажратилиб берилди.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари тумандаги ижтимоий соҳа объектлари ҳолати билан танишиш учун “Комилжон ота” маҳалласи, ушбу маҳаллада жойлашган оилавий шифокорлик пункти, “Янги Ўзбекистон” маҳалласида жойлашган 32-сон умумий ўрта таълим мактаби, “Арбек” маҳалласида жойлашган 17-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби билан яқиндан танишди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Республика ишчи гуруҳининг Хоразм вилоятидаги фаолияти давом этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.