Маълум қилинишича, пойтахтнинг Яшнобод туманида яшовчи 1986 йилда туғилган шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда, Қарши инновацион таълим университети мутахассиси 3 нафар фуқарони Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига мазкур олий таълим муассасасидаги танишлари орқали ҳар бирини 4 минг доллардан, жами 12 минг доллар эвазига 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у 11 700 доллар олган вақтида қўлга олинган.
Шу каби Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда Чиноз туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан 3 500 доллар олган вақтида қўлга тушган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Урганч давлат университетининг факультет декани Гурлан туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини мазкур олий таълим муассасасига ўқишга киришда бўладиган ижодий имтиҳонлардан ўтказиб бериш эвазига 2 600 доллар ва 2,5 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Урганч ихтисослаштирилган санъат мактабининг бўлим бошлиғи Боғот туманида яшовчи фуқарога танишлари ёрдамида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўқишга кириши учун йўлланма олиб бериш ва амалий имтиҳонда кўмаклашиш эвазига 4 минг доллар талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.