Бундан кўзланган асосий мақсад тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг қанчалик самара бераётганлигини баҳолаш, имтиёзлардан фойдаланишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш эди.
Сўровда республикамизнинг барча ҳудудларидан (14 та ҳудуд, 204 та туман/шаҳар) турли йўналишдаги жами 11300 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирок этди.
Сўров натижаларига кўра, қуйидагилар аниқланди:
Сўровда иштирок этганларнинг 40,1 фоизи давлат томонидан тадбиркорлар учун берилган имтиёз ва преференциялардан хабардор бўлишда ҳеч қандай муаммо ва қийинчилик йўқлигини, 25,7 фоизи маълумотлар тарқоқ ва мураккаблигини қайд этган. Ҳудудлар орасида Андижон ва Хоразм вилоятларида хабардорлик муаммоси жиддийроқ эканлиги маълум бўлди.
Тадбиркорларнинг билдиришича, агар муҳим ҳужжатларни қабул қилишдан олдин уларнинг фукрлари инобатга олинса, қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлиги ва манзиллилиги ошади (40,5 фоиз), тадбиркорларнинг ҳукуматга ишончи ошади (23,2 фоиз), расмий ҳужжатларга тез-тез қўшимча ва ўзгартишлар киритилишининг олди олинади (18,3 фоиз).
Сўров қатнашчиларининг 87,3 фоизи мулоқот ва яратилган қулайликлардан хабардорлиги, 12,7 фоизи хабардор эмаслигини айтган. Респондентларнинг 69,3 фоизи яратилган қулайликлар натижасида фаолиятида ижобий силжиш бўлганини эътироф этган бўлса, 7 фоизи ўз соҳасида қулайликларни ҳис этмаганини билдирган. Бундай фикрда бўлганлар Навоий (10,3 фоиз) ва Тошкент (17,9 фоиз) вилоятларида кўпроқ экан.
Ўтказилган сўров тадбиркорларнинг учдан икки қисми (66,5 фоиз) солиқ тизимига киритилган ўзгаришларни ижобий баҳолашини кўрсатди. Фаолиятимга таъсир қилмади, деб ҳисоблайдиганлар улуши 12,8 фоизни ташкил этди. Сезиларли ижобий ўзгариш Хоразм (79,2 фоиз), Андижон (77,0 фоиз) ва Бухоро (75,8 фоиз) вилоятларида, нисбатан паст кўрсаткич Тошкент вилояти (43,5 фоиз) да кузатилган.
Тадқиқот доирасида, шунингдек, бизнес кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курсларининг аҳамияти, саноат зоналарида ер майдонлари, бино ва иншоотларни ижарага олишдаги қулайликлар, қўшимча қўллаб-қувватлашга муҳтож соҳалар ва бошқа қатор йўналшлардаги масалалар, мавжуд муаммолар ҳам қамраб олинди.
Умуман олганда, тадқиқот тадбиркорларнинг 74 фоизи уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни ижобий баҳолашини (2023-йилда бу кўрсаткич 64 фоиз эди) кўрсатди. Салбий баҳолаганлар улуши 4,6 фоизни ташкил этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.