Тергов версиясига кўра, у савдо дўкони эгасидан 9 минг АҚШ доллари талаб қилган. Мазкур тадбиркорга аввал электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани учун 276 миллион сўм жарима тайинланган эди. Гумонланувчи танишлари орқали жаримани бекор қилиш ва тадбиркорга нисбатан қўшимча чоралар кўрилмаслигини таъминлашни ваъда қилган.
Пулни Наманган шаҳрида топшириш таклиф этилган, чунки у ерда гумонланувчи олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олади. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида у Наманган вилояти ҳудудида 9 минг долларни олиш пайтида ушланган. Пул маблағлари ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддаси 3-қисми “в” банди (фирибгарлик), шунингдек 28 ва 211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳам прокуратуранинг собиқ ёрдамчиси ижара расмийлаштиришда кўмак бериш эвазига 15 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.