Қарорда таъкидланишича, Наврўз инсонпарварлик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва табиатга эҳтиёткор муносабат каби қадриятларни ўзида мужассам этган муҳим миллий байрам ҳисобланади. Шу муносабат билан байрам тадбирлари мамлакатнинг барча ҳудудларида кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
Тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ташкилий қўмита тузилади. Қўмитага бир ҳафта ичида байрам дастурининг асосий концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган.
Байрам доирасида республика бўйлаб халқ сайиллари, маданий-маърифий тадбирлар, фольклор чиқишлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт мусобақалари, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилиши режалаштирилган. Ҳудудларда халқ ўйинлари, театрлаштирилган томошалар ва миллий таомлар савдоси ҳам ташкил этилади.
Бундан ташқари, умуммиллий экологик лойиҳа — Яшил макон доирасида дарахт экиш акциялари ўтказилиши кўзда тутилган. Маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари кучайтирилади, шунингдек «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйлари тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифадаги фуқаролар байрам тадбирларига жалб этилади.
Алоҳида эътибор фахрийларга қаратилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва кексалар ҳолидан хабар олиш, улар учун хайрия тадбирларини ташкил этиш тавсия этилган.
Пойтахтдаги асосий байрам тадбирлари Янги Ўзбекистон мажмуасида ўтказилади. Байрам арафасида кўчалар ва жамоат жойлари безатилади, шаҳарнинг турли ҳудудларида маданий дастурлар ва томошалар ташкил этилади.
Тошкентдаги тадбирларни ўтказиш харажатлари республика ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан, ҳудудларда эса маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.