Жавоҳир Синдоров «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди

Жавоҳир Синдоров «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди

17 апрель куни ўзбек гроссмейстери Жавоҳир Синдоров шахматдаги улкан ютуқлари учун «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Тегишли фармон Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат Тошкентда бўлиб ўтган тантанали маросимда Бош вазир Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилди. Шахматчини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида яқинлари, спорт жамоатчилиги ва ОАВ вакиллари кутиб олди.

20 ёшли гроссмейстер 2026 йилда Кипрнинг Пафос шаҳрида бўлиб ўтган ФИДЕ претендентлар турнирида тарихий ғалабага эришди. Синдоров мусобақани бирор марта ҳам мағлубиятга учрамасдан якунлаб, дунёнинг етакчи шахматчилари — Андрей Есипенко, Рамешбабу Праггнанандха (икки марта), Фабиано Каруана, Хикару Накамура ва Вэй И каби рақибларини мағлуб этди.

Ушбу ғалаба орқали у амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджуга қарши жаҳон шахмат тожи учун ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, 2775,4 рейтинг натижаси билан Синдоров live-рейтингда дунёнинг энг кучли беш нафар шахматчиси қаторига кирди.

Аввалроқ давлат раҳбари гроссмейстер билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни ушбу тарихий ютуқ билан табриклаган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.