Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Корея Республикаси Биринчи хоними Ким Хе Гён ҳамроҳлигида Корея Миллий сарой музейига ташриф буюрди. Музей экспозицияси Корея тарихида беш асрдан ортиқ вақт давомида алоҳида ўрин тутган Чосон қироллик сулоласининг кўп асрлик тарихи ва бой маданий мероси билан танишиш имконини беради.
2026 йил 15 сентябрь куни соат 06:55 да Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида 3,2 магнитудали ва 6 км чуқурликда ер силкиниши қайд этилди. Зилзила эпицентри Тошкент шаҳридан 334 км жануби-шарқий йўналишда жойлашган.
Хитой BRICS давлатлари учун сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорлик марказини ташкил этади. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Нью-Деҳлида бўлиб ўтган BRICSнинг XVIII саммитида маълум қилди.
Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири The Chosun Daily газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажакка йўналтирилган ҳамкорлик» номли мақоласи нашр этилди. Мақолада давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар, стратегик шерикликнинг ривожланиши ва савдо-инвестициявий ҳамкорликнинг кенгайиши ҳақида сўз юритган.
Ўзгидромет маълумотига кўра, 14 сентябрь, душанба куни Ўзбекистон ҳудудида кам булутли ва ўзгарувчан булутли об-ҳаво кузатилади, ёғингарчилик кутилмайди. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кечаси ҳаво ҳарорати 10–15°, кундузи 27–32° бўлади.
Тошкент кўчаларида бир кунда 1,5 миллионта транспорт воситаси ҳаракатланмоқда. Давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тирбандлик муаммосини фақат йўлларни кенгайтириш, кўприк ва туннеллар қуриш орқали ҳал этиб бўлмаслиги таъкидланди.
Самарқандда Malibu ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида саккиз нафар пиёдага йўл бермай, хавфли манёвр содир этган. Йўлни кесиб ўтаётганлар орасида болалар аравачаси билан кетаётган аёл ҳам бўлган.
Тошкент шаҳрида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ва Экология қўмитаси ҳамкорлигида Термиз шаҳрининг кум-чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига чидамлилигини оширишга бағишланган маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Япония томонидан молиялаштирилаётган ва 2026 йил апрелидан 2027 йил мартигача мўлжалланган ушбу лойиҳага Финляндия Метеорология институти, «Green University» ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкор сифатида жалб этилган.
Қабул қилинган 1172-сонли Қонунга кўра, ов қилиш овчилик хўжаликларига бириктирилган ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланадиган эркин ов қилиш жойларида амалга оширилади. Янги тартибга мувофиқ, питомникларда ёввойи ҳайвонларни етиштириб, ўз ҳудудларига қўйиб юборган овчилик хўжаликларига ушбу ҳайвонлар сонига тенг миқдорда, урчиш давридан ташқари, йил давомида рухсатномасиз ов ташкил этиш ҳуқуқи берилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирда қўшни давлатдан олиб келинган йирик миқдордаги наркотик модда мусодара қилинди. Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик жинояти учун судланган 38 ёшли шахс Яккасарой туманидаги меҳмонхонада 1 кг 185 грамм “гашиш” моддасини 26 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 21 минг долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонлардан турар жой мақомини нотурар жойга ўтказмасдан савдо ва хизмат кўрсатишда фойдаланиш таклиф этилди. Ушбу ташаббусга кўра, хонадонларда кичик дўкон, сартарошхона, гўзаллик салони, тикувчилик ательеси ҳамда пойабзал ва маиший техника таъмирлаш устахоналарини очишга рухсат берилиши кутилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги қарори билан ташкил этилган, умумий қиймати 69,5 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа доирасида Тошкент давлат техника университетининг 7 қаватли ўқув биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий лабораториялар билан таъминланди. Тўлиқ академик ва молиявий мустақилликка эга муассасага 2030 йилга қадар ТДТУнинг тегишли факультет ва кафедралари босқичма-босқич трансформация қилинади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 373 389 та тирик туғилиш қайд этилган. Туғилишлар оналарнинг ёш гуруҳлари кесимида қуйидагича тақсимланган: 25 ёшгача — 147 355 нафар; 25–39 ёшдагилар — 219 588 нафар; 40 ёш ва ундан катталар — 6 446 нафар Шундан,50 ёш ва ундан катталар — 8 нафар.
Олмазор туманида меҳнат бозори эҳтиёжлари ва кадрлар тайёрлаш тизими ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади. Айни пайтда тумандаги иш берувчиларга 4 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли мутахассислар ҳамда қарийб 1 минг нафар махсус маълумот талаб этилмайдиган йўналишларда ишчи кучи зарур.
11 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Ғузор тумани бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатов ҳушсиз ҳолда вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинди. Дастлабки маълумотларга кўра, Баҳром Тошпўлатов Ғузор тумани Қовчин МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбири вақтида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
Ўқувчини хорижга кетиши муносабати билан мактабдан чиқариш хизмати my.gov.uz порталида тўлиқ онлайн шаклга ўтказилди. Аризани 18 ёшга тўлмаган ўқувчининг ота-онаси ёки васийси топшириши мумкин.
Тошкентда Бозсув канали бўйлаб 20 километр узунликда узлуксиз пиёдалар ҳудудини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасидан Чилонзор туманигача бўлган ҳудудни қамраб олади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Вьетнамнинг ROX Group инвестиция гуруҳи асосчиси Ань Туан Чан билан учрашув ўтказди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистонда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Томонлар Ўзбекистон-Арманистон муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар.
Тошкентда Ўзбекистондаги Бельгиянинг биринчи элчихонаси расман ўз фаолиятини бошлади. Бельгиянинг янги элчиси Маттиас Кенде Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиғининг нусхаларини топширди.
Асаджон Ходжаев Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ўринбосари этиб тайинланди. У комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат масалаларига масъул бўлади.
Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда 1 октябрдан автобус ва метрода электрон тўлов учун йўл ҳақини 1 700 сўмдан 2 500 сўмга ошириш таклиф этилган. Мазкур лойиҳа юзасидан Транспорт вазирлиги изоҳ берди.
Ўзбекистонда 11 сентябрь куни ўзгарувчан булутли об-ҳаво кузатилади. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши ва шамол кучайиши мумкин.
Ўзбекистонда Давлат экологик назорати инспекцияси ходими Мирзо Ботиров ҳалок бўлди. У электр қармоқдан фойдаланиб, ноқонуний балиқ овлаётган шахсларга қарши рейд вақтида сувга тушиб кетган ва бир неча соат ўтиб, ҳалок бўлган ҳолда топилган.
Сенат давлат чегараси орқали ноқонуний туннел ва бошқа ерости инфратузилма объектларини барпо этиш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Қонун билан Жиноят кодексига давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний туннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун жавобгарлик киритилмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Айше Беррис Экинчи билан учрашди. Учрашувда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар якунлари муҳокама қилинди.
2026 йил 29 сентябрдан 2 октябргача Ўзбекистонда I Марказий Осиё талабалар спорти форуми бўлиб ўтади. Форум Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) президенти Леонз Эдернинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан, шунингдек, мамлакатнинг талабалар спорти соҳасидаги тажрибасини халқаро миқёсда тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда III халқаро «Лаззатли Ўзбекистон» гастрономик фестивали ва ошпазлар чемпионати ўтказилади. Тадбир «Ипак йўлида туризм» XXXI Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида «Central Asian Expo Uzbekistan» кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтади.
Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган ота ва унинг икки ўғлини қидириш ишлари якунланди. Бугун қолган икки фуқаронинг жасади ҳам топилди, учинчи жасад ФВВ ғаввослари томонидан соат 13:35 да сувдан олиб чиқилган.
Ўзбекистон Сенати лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат парламент юқори палатасининг 10 сентябрь куни бўлиб ўтган 19-ялпи мажлисида кўриб чиқилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.